locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

«Челси» Санчес ўрнига олиб келиши мумкин бўлган 5 нафар дарвозабон

1 июлдан иш бошлайдиган Хаби Алонсо учун янги асосий дарвозабон зарур.
«Челси» Санчес ўрнига олиб келиши мумкин бўлган 5 нафар дарвозабон
Фото: Getty Images

«Челси» ўтган мавсумда дарвозабонлар борасида муаммога дуч келди. Роберт Санчес муҳим ўйинларда ишончсиз ҳаракат қилди.

Филип Йоргенсен эса кўп амалиётга эга бўлиш истагида “кўклар”ни тарк этмоқчи. 1 июлдан иш бошлайдиган Хаби Алонсо учун янги асосий дарвозабон зарур. Клуб 5 нафар дарвозабоннинг номзодини кўриб чиқмоқда.

Миле Свилар («Рома»)

26 ёшли серб дарвозабони, А Серияда икки карра йилнинг энг яхши дарвозабони деб топилган. «Челси» унга аллақачон 43 млн фунт таклиф қилган, аммо «Рома» рад этган. Бироқ римликларнинг молиявий муаммолари туфайли трансфер яна кун тартибига чиқиши мумкин. Афзаллиги — лигада энг юқори сейв фоизи. Камчилиги — «Рома» уни сотишни истамаяпти.

Майк Меньян («Милан»)

Бир йил аввал клубни тарк этишга тайёр эди, аммо томонлар 5 млн еврога келиша олмади. Январ ойида янги шартнома имзолади, лекин «Милан» яна Чемпионлар лигасисиз қолди. Муаммо шундаки, «Челси» ҳам еврокубокларда иштирок этмайди. Бундай ҳолатда Меньянни кўндириш бироз қийин кечади.

Жеймс Траффорд («Манчестер Сити»)

Палмер, Лавиа, Гиттенс ва Делап билан академиядан таниш. Оёқ билан ўйнашда жуда яхши. «Сити»да у Жанлуиджи Доннарумма ортида захирада ўтиради. Табиийки, ёш бўлган кипер жамоасини ўзгартирмоқчи. Доимий ўйин амалиётига эга бўлишни истамоқда. “Сити” Траффордни сақлаб қолмаса керак. Ахир, у ўсиши керак.

Марко Карнесекки («Аталанта»)

25 ёш, ҳимоядан ишончли чиқиш қобилиятига эга (Алонсо услубига жуда мос). Шартномасининг сўнгги икки йилига кирган — «Аталанта» уни оқилона нархга қўйиб юбориши мумкин. А Сериянинг энг яхши дарвозабонларидан бири, аммо катта шов-шувсиз. “Челси” аллақачон Марконинг агентлари билан дастлабки музокараларни ўтказган.

Робен Риссер («Ланс»)

«Страсбург» клубининг тарбияланувчиси. Бу ердан 5 млн еврога, деярли имконият берилмасдан сотилган. Ҳозир эса «Ланс» сафида ажойиб мавсум ўтказиб, Лига 1нинг энг яхши дарвозабонига айланди. 11 та баҳсда дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди. Унинг трансфери клубнинг ўз хатосини тан олиши бўлади. Балки ҳозир «Челси»га айнан шундай қарор керакдир.

Ҳар бир номзоднинг ўзига яраша хавфлари бор: Свилар қиммат ва сотилмаяпти, Меньян еврокубокларсиз жамоага келмаслиги мумкин, Траффорд тажрибасиз. Карнесекки ва Риссер эса катта ном эмас. Аммо Алонсо танлов қилиши керак.

Спорт — бир босишда!
Жамиятларимизга обуна бўлинг ва спорт воқеаларидан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг