«Челси» Гарначони сотиб юборишга тайёр — манба
Лондоннинг «Челси» клуби келаётган ёзги трансферлар ойнасида вингер Александро Гарначо борасидаги таклифларни кўриб чиқишга тайёр. Бу ҳақда таниқли журналист Саймон Филлипс хабар бермоқда.
Гарначо ўтган йилнинг ёзида 40 миллион фунт стерлинг эвазига «Манчестер Юнайтед»дан «аристократлар» сафига кўчиб ўтган эди. Бироқ 21 ёшли аргентиналик футболчи Лондон жамоасининг асосий таркибидан муқим жой эгаллай олмади. У Англия Премьер-лигасининг жорий мавсумида атиги битта гол уришга муваффақ бўлди, холос.
«Челси» раҳбарияти Александроға бошқа клублар томонидан жиддий қизиқиш бўлишини кутмоқда ва уни сотиб олинган нархида, яъни 40 миллион фунт эвазига қўйиб юборишга тайёр.
Филлипснинг таъкидлашича, клуб раҳбарияти ушбу трансферни амалга оширганидан бироз афсусда. Маълум бўлишича, Гарначо август ойининг охирида, трансфер ойнаси ёпилиши арафасида, бозорда бошқа муносиб вариантлар қолмаган бир пайтда шошилинч равишда сотиб олинган.
Маълумот ўрнида, Александро Гарначо жорий мавсумда барча турнирлар доирасида «Челси» сафида жами 31 та учрашувда майдонга тушди.