«Челси» Энцо Фернандес трансфери учун сўнгги муддатни белгилади
«Челси» ўз ярим ҳимоячиси Энцо Фернандеснинг трансфери бўйича музокаралар учун сўнгги муддатни белгилади. Лондон клуби томонларнинг жума куни кечки пайтгача келишувга эришишини кутмоқда. Бу ҳақда журналист ва инсайдер Фабрицио Романо X ижтимоий тармоғида хабар берди.
Манбага кўра, агар белгиланган вақтга қадар клублар келишувга эриша олмаса, Фернандеснинг трансфери амалга ошмайди.
25 ёшли аргентиналик футболчини таркибига қўшиб олмоқчи бўлган клублар «Челси»га 140,5 миллион евро миқдорида тоза таклиф тақдим этиши керак.
Айни пайтда «Манчестер Сити» Фернандес учун асосий даъвогар ҳисобланмоқда. «Шаҳарликлар» футболчининг вакиллари билан бир неча кундан бери музокара олиб бормоқда ва бу ҳолат «Челси» раҳбариятига ҳам маълум.
Фернандес 2023 йил қишида «Бенфика»дан «Челси»га ўтган. Шу вақтдан буён лондонликлар сафида барча турнирларда 166 та учрашувда иштирок этиб, 30 та гол урди.
Аргентиналик футболчи «Челси» билан 2024/25 йилги Конференциялар лигаси ва 2025 йилги клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғолиб чиққан.
Фернандеснинг «Челси» билан амалдаги шартномаси 2032 йил ёзига қадар мўлжалланган. Transfermarkt маълумотларига кўра, унинг бозор қиймати 100 миллион еврони ташкил этади.