“Челси” 7–8 йил “Стэмфорд Бридж”сиз қолиши мумкин
“Челси” раҳбарияти “Стэмфорд Бридж” келажаги бўйича икки асосий вариантни кўриб чиқмоқда: амалдаги аренани тўлиқ бузиб, унинг ўрнида янги стадион қуриш ёки клубни бошқа ҳудудга кўчириш. Агар биринчи вариант танланса, лондонликлар қурилиш давомида уй учрашувларини 7–8 йил давомида “Уэмбли”да ўтказишига тўғри келиши мумкин. Бу ҳақда Daily Mail нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, клубнинг янги назорат пакети эгаси Clearlake Capital “Стэмфорд Бридж”ни трибунама-трибуна босқичма-босқич реконструкция қилиш вариантини мақсадга мувофиқ деб ҳисобламаяпти. Шу сабаб раҳбарият амалдаги стадионни бутунлай қайта қуриш ёки Earl’s Court ҳудудида янги арена барпо этиш имкониятларини ўрганмоқда. Ҳозирча якуний қарор қабул қилинмаган.
“Стэмфорд Бридж”ни бузиб, янгидан қуриш танланса, “Челси” узоқ муддат бошқа стадионда ўйнашига тўғри келади. Клуб ичидаги ҳисоб-китобларга кўра, бу жараён 7–8 йилгача чўзилиши мумкин. Шу билан бирга, Chelsea Pitch Owners аввалроқ тўлиқ реконструкция муддати режалаштириш жараёнларидан кейин тахминан 4 йилдан 7 йилгача давом этиши мумкинлигини билдирган.
Маълумот учун, “Стэмфорд Бридж” 1877 йилда қурилган бўлиб, “Челси” 1905 йилдан буён ушбу стадионда уй учрашувларини ўтказиб келади. Арена ҳозирда қарийб 40,3 минг томошабинни сиғдира олади. Клуб сўнгги йилларда сиғим ва ўйин кунидаги даромадларни ошириш мақсадида стадионни кенгайтириш ёки янги арена қуриш вариантларини мунтазам муҳокама қилиб келмоқда.