Чехиядаги мото пойгада даҳшатли бахтсиз ҳодиса: Икки спортчи ҳалок бўлди
Чехиянинг Брно шаҳридаги трассада ўтказилаётган "Alpe Adria International Motorcycle Championship" (AAIMC) сериясига кирувчи пойга вақтида икки мото пойгачи — 32 ёшли австриялик Филипп Штайнмайр ва 43 ёшли румыниялик Адриан Рус ҳалок бўлди. Бу ҳақда Европа мото пойгалар иттифоқи (FIM Europe) матбуот хизмати хабар бермоқда.
Штайнмайр ҳалокат жойининг ўзидаёқ вафот этган. Рус эса оғир аҳволда шифохонага етказилган, бироқ олинган жароҳатлар туфайли кейинчалик касалхонада ҳаётдан кўз юмган. Ушбу мудҳиш фожиа сабабли дам олиш кунларига режалаштирилган барча мусобақалар бекор қилинди.
Маълумот учун, AAIMC олти босқич ва 12 пойгадан иборат чемпионат бўлиб, у Европанинг турли автодромларида ўтказиб келинади. Таъкидлаш жоизки, Брнодаги ушбу трасса июн ойида мото пойга бўйича Чехия Гран-присини (MotoGP) ҳам қабул қилган эди.