Бугун «Андижон» назорат учрашувида иштирок этади
Анталияда йиғин ўтказаётган “Андижон” режага кўра, 16-январь куни ўзининг иккинчи назорат учрашувида майдонга тушади.
Хабарингиз бор, илк беллашув 13-январда ўтказилган бўлиб, унда “Бургутлар” Туркиянинг “Сиверек Беледийеспор” жамоасини 3:0 ҳисобида мағлубиятга учратган эдилар.
Навбатдаги спарринг-рақиб эса Венгриянинг “Вашаш” клубидир. Бу Будапешт шаҳри жамоаси ҳисобланади. Айтиш лозимки, 1911 йилнинг 16-март санаcида ушбу клубга асос солинган.
Венгрия миллий чемпионати II да иштирок этаётган клуб айни пайтда турнир жадвалида 2-ўринни эгаллаб турибди. 15 та турдан сўнг 9 ғалаба, 2 дуранг ва 4 мағлубият қайд этиб, тўплар нисбати 25\15 ни ташкил қилган ҳолда 29 очко жамғариб турибди. Жамоани 45 ёшли маҳаллий мутахассис Габор Эрош бошқармоқда.
“Вашаш” клуби Анталия йиғинидаги дастлабки учрашувини Қирғизистоннинг “Озия Талас” клубига қарши ўтказди ва унда 4:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Худди биз каби навбатдаги ўйин ҳам рақиб учун Анталиядаги иккинчи учрашувга айланади.
Шунингдек, бу клуб ўз тарихида 6 карра Венгрия чемпиони ҳамда 4 бор Кубок соҳиби саналади.
“Андижон”ни “Вашаш”га қарши қизиқарли ўйин кутмоқда. Беллашув Тошкент вақти билан 18:00 да бошланади.