Бруну Фернандеш ўз хизматларини «Реал»га таклиф қилди, бироқ рад жавобини олди — манба
«Манчестер Юнайтед» сардори Бруну Фернандеш ва Мадриднинг «Реал» клуби ўртасида кутилмаган трансфер драмаси юзага келди.
The Touchline нашрининг хабар беришича, португалиялик яримҳимоячи жорий ойда ўз хизматларини «қироллик клуби»га шахсан таклиф қилган ва Мадридга кўчиб ўтишга тайёрлигини билдирган. Бироқ «қаймоқранглилар» раҳбарияти Брунунинг бу чорловига рад жавобини беришган — мадридликлар ҳозирча ушбу трансферга эҳтиёж сезишмаяпти.
Аввалроқ нуфузли нашрларда Фернандешнинг «Манчестер Юнайтед»даги давомий беқарорлик ва жамоа атрофидаги оғир муҳитдан чарчагани, шу сабабли ёзги трансфер ойнасида клубни тарк этиш ниятида экани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Маълумот учун, Бруну Фернандеш 2020 йилнинг қишидан буён «қизил иблислар» шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Жорий мавсумда у барча турнирларда 22 та учрашувда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 5 та гол ва 11 та самарали узатмани ёздириб қўйишга улгурди.