Бруну Фернандеш «Манчестер Юнайтед» сафида Роналду натижасини такрорлади
«Манчестер Юнайтед» сардори Бруну Фернандеш Англия Премьер-лигасида Криштиану Роналдунинг бир кўрсаткичини такрорлади. Португалиялик ярим ҳимоячи АПЛда «қизил иблислар» сафида ўтказилган ўйинлар сони бўйича ҳамюртига тенглашди. Бу ҳақда Opta Analyst статистик портали маълумот бермоқда.
Манбага кўра, «Тоттенхэм»га қарши 1:1 ҳисобида якунланган учрашув Фернандеш учун Англия чемпионатидаги 236-ўйин бўлди. Шу тариқа, 32 ёшли футболчи «Манчестер Юнайтед» сафида АПЛда 236 та учрашувда қатнашган Криштиану Роналдунинг натижасини такрорлади.
Фернандеш 2020 йил январидан буён Манчестер клуби шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. У шу вақтгача Премьер-лигада 74 та гол уриб, 73 та голли узатмани амалга оширган. Роналду эса «Манчестер Юнайтед» сафида 2003–2009 ҳамда 2021–2022 йилларда фаолият юритиб, АПЛда 103 та гол ва 37 та ассист қайд этган.
Маълумот учун, Бруну Фернандеш 2025/26 йилги мавсумда Англия Премьер-лигасида 21 та голли узатмани амалга ошириб, бир мавсумда энг кўп ассист қайд этиш бўйича мусобақа рекордини янгилаган эди.