Бруно Гимарайнш Бразилия терма жамоасининг Жаҳон чемпионатларидаги 40 йиллик антирекордини такрорлади
Бразилия миллий терма жамоаси ярим ҳимоячиси Бруно Гимарайнш ЖЧ-2026 нимчорак финали (1/8 босқичи) доирасидаги Норвегияга қарши учрашувда пеналтидан унумли фойдалана олмади.
Шу тариқа, у Бразилия бош жамоаси сафида мундиаллар тарихида ўйин давомида (пеналтилар сериясидан ташқари) 11 метрлик жарима зарбасини аниқ амалга ошира олмаган охирги 40 йилдаги илк футболчига айланди. Бу ҳақда Squawka статистик саҳифаси X ижтимоий тармоғида хабар бермоқда.
Бундан аввал, аниқроғи 1986 йилги Жаҳон чемпионатида Бразилия ҳамда Франция терма жамоалари ўртасидаги баҳсда афсонавий Зико пеналтини голга айлантира олмаган эди. Ўша учрашув якунда европаликларнинг ғалабаси билан тугаган (1:1, пеналтилар сериясида — 4:3).
Эслатиб ўтамиз, ЖЧ-2026нинг 1/16 финал босқичида Бразилия терма жамоаси Япония тўсиғидан ўтган эди (2:1), Норвегия эса Кот-д`Ивуар устидан ғалаба қозонганди (2:1).
Амалдаги жаҳон чемпиони Аргентина терма жамоаси ҳисобланади. Улар 2022 йили Қатарда ўтган мундиал финалида Франция билан дуранг ўйнаб (3:3), пеналтилар сериясида (4:2) зафар қучишган.