«Брентфорд» Шаде билан шартномани узайтириш бўйича музокара бошлади
«Брентфорд» раҳбарияти жамоа вингери Кевин Шаде билан шартномани узайтириш масаласида музокараларга киришди. Бу ҳақда Sky Sports News хабар берди.
Манба маълумотига кўра, «асаларилар» 24 ёшли футболчи билан янги шартнома бўйича музокараларни унга Англия Премьер-лигасининг бир қатор гранд клублари жиддий қизиқиш билдираётгани фонида бошлаган.
Аввалроқ Лондоннинг «Арсенал» клуби Шадени ўз сафига қўшиб олишни режалаштираётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Бироқ ҳозирги маълумотларга кўра, немис футболчиси учун курашда «Ливерпуль» ҳам иштирок этмоқда. Шунингдек, «Тоттенхэм» ва «Челси» ҳам вазиятни кузатиб бормоқда.
«Брентфорд» Шадени жамоада сақлаб қолиш мақсадида унинг шартномасини узайтиришга ҳаракат қилмоқда. Футболчининг клуб билан амалдаги келишуви 2028 йилга қадар мўлжалланган.
Кевин Шаде янги мавсумда «Брентфорд» сафида АПЛ ва Англия Лига кубоги доирасида олтита учрашувда майдонга тушиб, 3 та гол урди.