Бразилия клублари букмекерлик фаолиятига эҳтимолий тақиққа қарши чиқди
Бразилиянинг қатор етакчи футбол клублари мамлакатда букмекерлик компаниялари фаолиятини чеклаш ёки уларга нисбатан тақиқ жорий этиш эҳтимолига қарши чиқди. Клублар бундай қарор профессионал футболнинг молиявий барқарорлигига жиддий таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидламоқда. Бу ҳақда UOL нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, Рио-де-Жанейрода ўтказилган учрашувда «Фламенго», «Васко да Гама», «Флуминенсе» ва «Ботафого» вакиллари букмекерлик компаниялари билан биргаликда масалани муҳокама қилган. Томонлар қимор ўйинлари билан боғлиқ ижтимоий муаммолар мавжудлигини тан олган ҳолда, тўлиқ тақиқ ўрнига соҳа устидан назоратни кучайтириш ва реклама қоидаларини қатъийлаштириш тарафдори эканини билдирган.
Клубларнинг фикрича, букмекерлик бозорининг кескин чекланиши ҳомийлик даромадларининг камайишига олиб келиши билан бирга, телетрансляция ҳуқуқлари, мусобақалардаги мукофот пуллари ва футболга йўналтирилаётган бошқа инвестицияларга ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шунингдек, қонуний компанияларнинг бозордан чиқиши ноқонуний платформалар фаолиятининг кучайишига ва давлатнинг солиқ тушумлари қисқаришига сабаб бўлиши мумкинлиги қайд этилган.
Маълумот учун, айни пайтда Бразилия А Сериясидаги 13 та клубнинг бош ҳомийси букмекерлик компаниялари ҳисобланади. Ушбу ҳамкорликлар бекор қилинса, клубларнинг фақат ҳомийлик шартномаларидан кўрадиган умумий зарари қарийб 1 миллиард Бразилия реали, яъни тахминан 170 миллион еврога етиши мумкин. Бразилия Миллий ўйинлар ва лотереялар ассоциацияси ҳисоб-китобларига кўра, соҳадаги чекловлар сабаб спорт ва бошқа йўналишларга киритиладиган инвестициялар ҳажми 2029-йилгача 9 миллиард реалга қисқариши мумкин.