Ботиржон Қодирқулов: «Асосий рақиб сифатида Бирлашган Араб Амирликларининг «Банаат» клубини кўрсатган бўлардим»
Кеча Аёллар ўртасидаги Осиё Чемпионлар лигаси мусобақасининг гуруҳ босқичига қуръа ташланди.
Яхши биласиз, ушбу мусобақада Ўзбекистон Олий лигасининг амалдаги чемпиони — "Севинч" клуби юртимиз шарафини ҳимоя қилади.
Қуръа натижалари юзасидан "Севинч" клуби бош мураббийи Ботиржон Қодирқулов Ўзбекистон футбол ассоциацияси матбуот хизматига қисқа интервью берди.
Қуръа ҳақида фикрларингиз?
— Рақибларимиз ҳақидаги дастлабки таассуротлар ижобий. Назаримда, бу сафар ўтган йилгига қараганда нисбатан қулайроқ гуруҳдан жой олдик. Сабаби, ўтган мавсумда Непал, Саудия Арабистони ва Таиланд вакилларига қарши майдонга тушган эдик. Бу галги гуруҳ эса нисбатан енгилроқ кўринмоқда. Шунга қарамай, ҳар бир рақибни ҳурмат қиламиз. Мусобақа бошлангунига қадар уларни пухта ўрганиб, кучли жиҳатларига қарши муносиб тайёргарлик кўрамиз.
Гуруҳдаги асосий рақиб сифатида қайси жамоани эътироф этган бўлардингиз?
— Асосий рақиб сифатида Бирлашган Араб Амирликларининг "Банаат" клубини кўрсатган бўлардим. Бу жамоа бежизга биринчи саватчадан ўрин олмаган. Ўтган мавсумда биз учун асосий рақиб "Ал-Наср" клуби бўлганди ва уларга қарши қийин кечган баҳсда ғалаба қозонганмиз. 2024-йилги мусобақада эса "Банаат" сафарда айнан "Ал-Наср"ни мағлуб этиб, кейинги босқичга йўл олган. Бу эса БАА клубидан жиддий қаршилик кутшишимиз кераклигини англатади.
Бу йилги мусобақадан қандай натижа кутшиш мумкин?
— Албатта, ҳар бир жамоа мавсумни чемпионлик мақсади билан бошлайди. Бизнинг мақсадимиз ҳам шундай. Ҳеч бўлмаганда, ўтган йилги натижамизни яхшилашни истаймиз.
Бироқ бунга эришиш осон бўлмайди. Чунки бу йил тақвим жуда тигиҳ. Ҳеч кимга сир эмаски, "Севинч" футболчилари Ўзбекистон миллий терма жамоасининг асосий ўйинчиларини ташкил этади. Терма жамоамиз йилнинг иккинчи ярмида Осиё ўйинлари ҳамда Жаҳон чемпионати саралаш баҳсларида иштирок этади. Бундан ташқари, миллий чемпионат ва кубок учрашувлари ҳам бор.
Шундай экан, олдимизда жуда мураккаб мавсум турибди. Шунга қарамай, футболчиларимиз ҳам, жамоамиз ҳам халқаро майдонда Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилиш учун бор куч ва имкониятини ишга солади.