“Боруссия Дортмунд” Япониядаги сафарни ғалаба билан якунлади
“Боруссия Дортмунд” Япониядаги мавсумолди йиғин доирасидаги сўнгги ўртоқлик учрашувида “FC Токио”ни минимал — 1:0 ҳисобида мағлуб этди. Учрашувдаги ягона голни иккинчи бўлим бошида Фабио Силва киритди.
Биринчи бўлим кучли ёмғир сабаб қарийб 25 дақиқага тўхтатиб турилди. Шунга қарамай, Дортмунд ўйин давомида ташаббусни қўлдан бермади ва иккинчи бўлимда урилган гол эвазига ғалабани расмийлаштирди.
Мазкур учрашувда “Боруссия Дортмунд” сафида Максимилиан Байер, Валдемар Антон ва Даниэль Свенссон каби асосий таркиб футболчилари майдонга тушди. Аммо жамоа учун нохуш ҳолат ҳам юз берди — ярим ҳимоячи Карни Чуквуемека тиззасидаги муаммо сабаб учрашувни муддатидан аввал тарк этди.
Шу тариқа, “Боруссия Дортмунд” Япониядаги мавсумолди турнесини бир ғалаба ва бир мағлубият билан якунлади. Аввалроқ Нико Ковач шогирдлари “Сересо Осака”га 0:1 ҳисобида имкониятни бой берган эди.