\"Боруссия Дортмунд\" ўртоқлик ўйинида Япония клубига мағлуб бўлди
Германиянинг "Боруссия Дортмунд" клуби Япониядаги мавсумолди йиғин доирасидаги илк ўртоқлик учрашувида "Сересо Осака"га 0:1 ҳисобига имкониятни бой берди. Учрашувдаги ягона гол 8-дақиқада Соломон Сакурагава томонидан киритилди.
Дортмундликлар гол ўтказиб юборганидан сўнг ташаббусни қўлга олишга ҳаракат қилди. Биринчи бўлим охирида Серу Гирасининг хавфли зарбаси голга айланишига оз қолди, иккинчи бўлимда эса немис клуби яна бир неча қулай вазиятлар яратди. Бироқ ҳисобни тенглаштиришнинг уддасидан чиқа олмади.
Учрашув давомида "Боруссия Дортмунд" учун яна бир ёқимсиз ҳолат кузатилди. Ҳимоячи Филиппо Мане жароҳат олиб, биринчи бўлимдёқ майдонни тарк этишга мажбур бўлди.
Мазкур баҳс яна бир жиҳати билан эътиборга сазовор бўлди. "Боруссия Дортмунд"нинг собиқ футболчиси Шинжи Кагава "Сересо Осака"нинг асосий таркибида майдонга тушиб, собиқ жамоасига қарши ҳаракат қилди. Дортмунд клуби Япониядаги навбатдаги ўртоқлик учрашувини "Токио" клубига қарши ўтказади.