«Боруссия Дортмунд» Нико Шлоттербек билан шартномани узайтиришга яқин турибди
Дортмунднинг «Боруссия» клуби ҳимоячи Нико Шлоттербек билан амалдаги шартномани узайтиришга яқин турибди. Бу ҳақда инсайдер Маттео Моретто хабар бермоқда.
Манбага кўра, гап 2031 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган янги меҳнат шартномаси ҳақида кетмоқда. Таъкидланишича, ушбу келишувга футболчини сотиб олиш ҳуқуқи ҳақидаги банд ҳам киритилади. Аввалроқ, германиялик ҳимоячига Мадриднинг «Реал» клуби жиддий қизиқиш билдираётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Жорий мавсумда Шлоттербек клуб сафида барча турнирлар доирасида 30 та ўйинда майдонга тушиб, 4 та гол ва 2 та голли узатмани амалга оширди. Transfermarkt портали маълумотларига кўра, футболчининг айни дамдаги бозор қиймати 55 миллион еврога тенг. Унинг амалдаги шартномаси 2027 йилнинг ёзигача давом этиши белгиланган эди.