«Боруссия Д» жароҳат олган Эмре Жан билан шартномани узайтирди
Жан 2019 йилдан бери Дортмунд клуби шарафини ҳимоя қилиб келмоқда.
ФОТО: Getty images
Дортмунднинг «Боруссия» клуби марказий ҳимоячи Эмре Жан билан янги меҳнат шартномасини имзолади. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
Келишув шартларига кўра, «асаларилар» сардори жамоада 2027 йилнинг ёзига қадар қоладиган бўлди.
Маълумот учун, футбочи март ойининг бошида оғир жароҳат — тиззасидаги хочсимон боғламларининг узилишини орттириб олган эди. Энди Жанни узоқ давом этадиган тикланиш жараёни кутмоқда.
Эмре Жан 2019 йилдан бери Дортмунд клуби шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. 32 ёшли хавбек немис жамоаси таркибида 220 та ўйинда иштирок этиб, 23 та гол ва 12 та голли узатмани ўз ҳисобига ёздириб қўйган.
Розикжон Султонмуродов
Журналист