«Боруссия Д» Гонсало Гарсияни сотиб олмоқчи
Дортмунднинг "Боруссия" клуби Мадриднинг "Реал" клуби ҳужумчиси Гонсало Гарсия Торресни диққат билан кузатиб бормоқда. Немис клуби 22 ёшли форвардни ўзининг трансферлар рўйхатига киритди. Бу ҳақда журналист Флориан Плеттенберг ўзининг X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида хабар берди.
Манбанинг хабарига кўра, "арилар" Торресдан ташқари "Хоффенҳайм" ҳужумчиси Фисник Аслани ва "Брюгге" форварди Николо Трезолдига ҳам қизиқиш билдирмоқда.
Таъкидланишича, айни пайтда "Боруссия" Торреснинг "Реал"дан ўтиши борасида музокараларни бошламаган.
Жорий мавсумда Торрес барча мусобақалар доирасида 34 та ўйинда майдонга тушиб, 6 та гол урди ва 2 та голли узатмани амалга оширди. Футболчининг клуб билан амалдаги шартномаси 2030 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган. Transfermarkt порталида келтирилган маълумотларга кўра, футболчининг бозор қиймати 30 миллион еврони ташкил қилади.