“Боруссия” бош мураббий билан шартномани 2029-йилгача узайтирди
Дортмунднинг “Боруссия” клуби бош мураббий Нико Ковач билан ҳамкорликни давом эттиришга қарор қилди. Германия клуби 54 ёшли хорватиялик мутахассис билан 2029 йилнинг 30 июнигача мўлжалланган янги шартнома имзолади. Бу ҳақда “Боруссия” клуби матбуот хизмати хабар бермоқда.
Манбага кўра, Ковачнинг аввалги шартномаси 2027 йил ёзида якунланиши керак эди. Бироқ клуб раҳбарияти мураббийнинг фаолиятидан мамнун бўлиб, келишувни муддатидан олдин яна икки йилга узайтиришга қарор қилган. Шунингдек, унинг ёрдамчилари Роберт Ковач ва Филип Тапалович билан ҳам 2029 йилгача янги шартномалар имзоланган.
Нико Ковач “Боруссия” бошқарувини 2025 йил бошида қабул қилиб олган. Унинг қўл остида жамоа дастлаб Бундеслигада тўртинчи ўринни эгаллаб, UEFA Чемпионлар лигасига йўлланма олган. Кейинги мавсумда эса дортмундликлар Германия чемпионатини иккинчи ўринда якунлаган.
Маълумот учун, “Боруссия” 2026/27 йилги Бундеслига мавсумининг дастлабки беш турида 13 очко жамғариб, турнир жадвалида иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Жамоа навбатдаги учрашувини 17 октябрь куни сафарда Берлиннинг “Унион” клубига қарши ўтказади.