“BMB PFC” ғалабаси билан якунланган 2025/2026-йилги мавсум сарҳисоби
Ўзбекистон футзал федерацияси томонидан ташкил этилган мамлакатимиз XXIX миллий чемпионати ўз ниҳоясига етди. Мавсумнинг сўнгги туридан кейин Тошкентдаги “Юнусобод” спорт мажмуасида ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Жорий мавсум Олий лигада 12 та жамоа иштирок этди. 33 учрашувда 90 очко жамғарган Жиззахнинг “BMB PFC” клуби муддатидан аввал чемпионликни расмийлаштирди ва кетма-кет тўртинчи бор Ўзбекистон чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлди.
Чемпионат дебютанти SQB илк мавсумидаёқ вице-чемпионликни қўлга киритиб, мухлисларни ҳайратда қолдирди. Клубдаги профессионал ёндашув, тўғри селекция ва жамоавий бирлик ушбу муваффақиятнинг асосий омилларидан бири бўлди.
Сўнгги йилларда чемпионлик учун курашиб келган “Oil Star” жамоаси бу сафар бронза медаллари билан кифояланди. Бухороликлар етакчиларга қарши муносиб ўйин кўрсатган бўлсалар-да, айрим муҳим баҳсларда қимматли очколарни бой беришди.
Мавсум давомида ОКМК, Насаф, Локомотив, Динамо ва Бунёдкор жамоалари ҳам мухлисларга қизғин ва муросасиз баҳсларни тақдим этишди.
XXIX миллий чемпионат рақамларда
Ўтказилган учрашувлар: 185 та
Урилган голлар: 1162 та
Ҳар ўйинга ўртача: 6,87 та гол
Энг кўп ғалаба — “BMB PFC” (29 та)
Энг кўп гол урган жамоа — “BMB PFC” (174 та)
Энг кўп мағлубият — “Сурхон” (30 та)
Энг кўп гол ўтказган жамоа — “Қизилқум” (149 та)
Энг кўп дуранг — “Бунёдкор” (10 та)
Энг йирик ҳисоб:
“BMB PFC” – “Нефтчи” 10:1
“BMB PFC” – “Бунёдкор” 10:1
Энг сермаҳсул ўйин:
“Максам-Чирчиқ” – “Локомотив” 9:6 (15 та гол)
Тўпурлар пойгаси эса мавсумнинг энг қизиқарли интригасига айланди. Кўп йиллардан буён илк бор ушбу номинацияда қўшҳокимлик кузатилди.
1-ўрин. Элбек Тўлқинов (“Oil Star”) — 31 гол
1-ўрин. Hebbert Oliveyra Bolt (“BMB PFC”) — 31 гол
3-ўрин. Музаффар Аҳаджонов (“BMB PFC”) — 29 гол
Шунингдек, Олий лига баҳсларида жами 170 нафар футболчи ўз номини тўпурлар рўйхатига ёздиришга муваффақ бўлди.
XXIX миллий чемпионат ўз яхунига етди. Олдинда футзал мухлисларини Ўзбекистон кубогининг ФИНАЛ учрашуви, Олий лигага ўтиш ўйини, янги мавсум, янги курашлар ва янги рекордлар ҳозирлик жараёнлари кутмоқда!