“Биродар Абдураимов ва Тўлаган Исоқов ворислари” методик қўлланма тақдимоти бўлиб ўтди
“Биродар Абдураимов ва Тўлаган Исоқов ворислари” методик қўлланма тақдимоти бўлиб ўтди
Бугун ўзбек футболи тарихида ўзига хос из қолдирган афсонавий футболчилар Биродар Абдураимов ва Тўлаган Исоқовнинг бой тажрибаси ҳамда футбол анъаналарини давом эттиришга қаратилган методик қўлланма тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбир давомида миллий футбол мактабининг бой меросини ўрганиш, устозлар тажрибасини ёш авлодга етказиш ва ушбу билимлардан футболчиларни тайёрлаш жараёнида самарали фойдаланишнинг аҳамияти ҳақида сўз юритилди.
Тақдимотда ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Ирматов ҳам ўз фикрларини билдириб, ўзбек футболи ривожига улкан ҳисса қўшган инсонлар тажрибасини ўрганиш, уларнинг билим ва қарашларини тизимлаштириш ҳамда ёш авлодга етказиш муҳим вазифалардан бири эканлигини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, афсонавий футболчилар ва мураббийларнинг тажрибаси фақат тарихий хотира сифатида қолиб кетмасдан, бугунги футбол таълими ва машғулотлар жараёнида ҳам ўз аксини топиши лозимлигини қўшимча қилди.
Мазкур методик қўлланма футболимизнинг бой анъаналарини давом эттириш, тўпланган тажрибани оммалаштириш ҳамда ёш футболчилар ва мураббийлар учун муҳим услубий манба яратиш йўлидаги қадамлардан биридир.