Биринчи лиганинг 5 клуби Пролига иштирокчисига айланиши мумкин
Суперлига ва Пролига иштирокчилари ўртасидаги рақобат спорт тамойилларига асосланади. Лига 2020-йилдан эътиборан ўтиш ўйинлари, Суперлигага тушиш ва чиқиш механизмларини айнан шу йўналишда тартибга солиб келмоқда.
Бироқ, Биринчи лигада тўп тепаётган клубларнинг кейинги истиқболини белгилашда лицензиялаш механизми, клубнинг ривожланиш дастури, унинг болалар футболидаги роли асосий аҳамият касб этади. Шунидан келиб чиқиб, жорий йилнинг май ойида Пролига ва Биринчи лига клублари мазкур йўналишда қандай ишлаши лозимлиги, бу масалада Лиганинг режалари қандай эканлиги хусусида хабардор қилинган.
Кейинги босқичда Биринчи лигада иштирок этаётган беш клуб 2027-йилги мавсум учун режаларини очиқлади: Гулистон, Оқтепа, Ахмедов, Дўстлик, Шердор. Айнан шу клублар келаси мавсумни Пролигада ўтказиш истагини билдирди. Энди, Лига мазкур режани амалга ошириш тартибини белгилайди ҳамда ноябрь ойига қадар шу йўналишда клубларни мониторинг қилади.
Биринчи навбатда, клублар қошида фаолият кўрсатаётган футбол мактабларига эътибор қаратилади. Бунда, 2026-йилнинг 30-сентябр санасига қадар ҳар бир клуб U10 — U17 ёш тоифалари оралиғидан энг камида олтисини танлаб олиб, уларнинг ҳар бири учун йигирма нафардан кам бўлмаган тарбияланувчисини MyLeague платформасидан рўйхатдан ўтказиши лозим. Маълумки, мазкур платформа FIFA Connect интерфейси билан тўғридан тўғри интеграцияланган. Ундан рўйхатдан ўтказилган ҳаваскор футболчилар уникал FIFA ID рақамига эга бўлади ҳамда футболчининг электрон паспорти шаклланишни бошлайди.
Маълумки, Гулистон футбол клуби 2026-йилдан эътиборан ташкил этилган бўлиб, айни вақтда Биринчи лиганинг Марказий минтақасида пешқадамлик қилмоқда. Ўтган мавсум якунда Лига раҳбарияти Сирдарё вилояти ҳокими билан учрашув ўтказган бўлиб, унда Гулистон шаҳрида қурилиши давом этаётган стадион, Гулистон футбол клубининг келгуси режалари ва шу йўналишдаги бошқа масалалар муҳокама қилинган. Мамлакат Президентининг тегишли қарори билан Сирдарё вилояти болалар ва ўсмирлар футбол мактаби Ассоциация ёрдамида Гулистон клубига бириктирилган. Ўтган вақт ичида клуб мана шу мактаб тарбияланувчилари рўйхатини шакллантириши ва уларни Ассоциация томонидан ўтказиладиган мусобақаларга тайёрлаши лозим эди.
Оқтепа, Ахмедов, Дўстлик, Шердор клублари эса фаолиятини айнан футбол мактаби йўналишида бошлаган бўлиб, бугунга келиб ҳар бирининг турли ёш тоифалари бўйича тарбияланувчилари мавжуд. Энди клублар ўз ҳаваскор футболчиларини ҳам Лига рўйхатидан ўтказиш имкониятига эга бўлади. Бундан ташқари, рўйхатдан ўтган футболчилар ҳудудий ассоциациялар томонидан ўтказиладиган мусобақаларда бевосита иштирок этиши лозим.
Шунингдек, юқорида қайд этилган беш клуб Лиганинг лицензиялаш бўйича талабларини эҳтимолий бажариши шартди ва уларга Пролига йўлланмаси эҳтимолий тақдим этилиши мумкинлигидан келиб чиқиб, Пролига учрашувларини ўтказиш имкониятини берувчи стадион топиши ва шу йил якунига қадар ундан 2027-йилги мавсум давомида фойдаланиш бўйича шартнома имзолаши талаб этилади. Мазкур жараёнларнинг барчаси Лига томонидан мониторинг қилиб борилади.
Маълумот учун, Лига мазкур клублар учун Пролига йўлланмасини кафолатламайди. Барча масала клубларнинг ўз иш режасига қай даражада пухта ёндашиши орқали ҳал этилади. Шунингдек, Пролигада иштирок этаётган бир қатор клублар 2026-йилги мавсум аввалида Лига томонидан қўйилган ривожланишнинг кейинги босқичларини амалга татбиқ қила олмаса, улар 2027-йилги мавсумни Пролигада ўтказиш имкониятини йўқотади.