«Бешиктош» қишки трансферлар вақтида «Реал» ҳимоячисини сотиб олмоқчи
Туркиянинг «Бешиктош» клуби ушбу трансфер ойнасида «Реал» ҳимоячиси Давид Алабани ўз сафида кўришга қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда AS нашри хабар бермоқда.
«Бешиктош» бош мураббийи Серген Ялчин қишки трансфер ойнасида жамоани икки ёки уч нафар футболчи билан кучайтириш режалари борлигини маълум қилган. Алаба турк клуби сафида кўриш исталган футболчилардан бири сифатида кўрилмоқда.
Манбага кўра, трансфер йўлидаги асосий тўсиқ — футболчининг юқори маоши. Мавсум якунгача Алаба «Реал»дан яна 7 миллион евро олиши керак. «Бешиктош» бундай суммани тўлашга тайёр эмас ва келишув амалга ошиши учун мадридлик клуб футболчининг маошининг бир қисмини ўз зиммасига олиши лозим бўлади. Бундан ташқари, Алаба аввалроқ «Бешиктош»нинг ашаддий рақиби — «Галатасарой» мухлиси эканини ҳам айтган эди.
Жорий мавсумда Давид Алаба «Реал» сафида барча мусобақалар доирасида бешта учрашувда майдонга тушди, бироқ самарали ҳаракатлар билан ажралиб турмади. Футболчининг мадридлик клуб билан амалдаги шартномаси 2026 йил 30 июнгача мўлжалланган. Transfermarkt портали маълумотларига кўра, ҳимоячининг бозор қиймати 4 миллион еврога тенг.