Беҳруз Каримов фаолиятини «Лугано» клубида давом эттиради
Тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилгач, Каримов Швейцарияга йўл олади.
Фото: ЎФА
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва «Сурхон» клуби ҳимоячиси Беҳруз Каримов фаолиятини Швейцария Суперлигаси вакили «Лугано» клубида давом эттиради. Бу ҳақда Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси (ЎзПФЛ) хабар берди.
18 ёшли футболчи Тошкент шаҳрида янги клуби учун тиббий кўрикдан ўтган. Шундан сўнг Каримов «Лугано» билан шартнома имзолаган.
Эндиликда футболчи Швейцарияда фаолият юритиши учун зарур визани олиши кутилмоқда. Тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилгач, Каримов Швейцарияга йўл олади.
Беҳруз Каримов футболчилик фаолиятини “Одил Жуниор” академиясида бошлаган. Ёш ҳимоячи 2026 йилги Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркибида иштирок этиб, Португалия ва Колумбияга қарши учрашувларда майдонга тушган.
Розикжон Султонмуродов
Журналист