Беҳруз Асқаров — ОКМК ФК футболчиси
ОКМК профессионал футбол клуби Осиё чемпиони билан шартнома имзолади. Қишки трансфер ойнаси доирасида клубимиз Ўзбекистон ёшлар ва олимпия терма жамоалари аъзоси, 2023-йилги U-20 Осиё кубоги чемпиони бўлган 22 ёшли марказий ярим ҳимоячи Беҳруз Асқаровни ўз сафига қўшиб олди.
Беҳруз Асқаров профессионал фаолияти давомида Тошкентнинг «Пахтакор» ҳамда Қозоғистоннинг «Турон» клублари сафида тўп суриб, турли чемпионат ва халқаро мусобақаларда муҳим тажриба тўплаган. Шу кунга қадар футболчи клуб миқёсида 55 та учрашувда майдонга тушиб, 2 та гол ҳамда 3 та голли узатма муаллифига айланган.
Беҳруз Асқаров 2023-йилда ўтказилган U-20 Осиё кубогида терма жамоамиз таркибида чемпионликни қўлга киритган. Янги мавсумдан бошлаб олмалиқликлар шарафини ҳимоя қиладиган истиъдодли футболчи Беҳруз Асқаров билан ОКМК ФК ўртасида бир йиллик шартнома имзоланди.