Бернарду Силванинг янги жамоаси номи ЖЧ-2026 стартигача маълум бўлади — Романо
«Манчестер Сити» яримҳимоячиси Бернарду Силва жорий мавсум ниҳоясига етгач, жамоа билан хайрлашади. Португалиялик футболчи эркин агент мақомида янги клубга ўтишга қарор қилди. Бу ҳақда таниқли инсайдер Фабрицио Романо ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида маълум қилди.
Хабарга кўра, 31 ёшли футболчи ҳали кейинги фаолиятини қайси клубда давом эттиришини аниқ билмайди. Бироқ у ушбу масалани 2026 йилги Жаҳон чемпионати стартигача ҳал қилишни режалаштирган. Аввалроқ «Манчестер Сити» мураббийи Пеп Гвардиола ҳам португалиялик юлдузнинг ёзда кетишини тасдиқлаган эди.
Бернарду Силва 2017 йилда «Монако»дан келиб қўшилганидан буён «шаҳарликлар»нинг ўйин услубида ҳал қилувчи роль ўйнаб келди. Унинг 9 йиллик фаолияти давомида эришган ютуқлари ҳайратланарли: 450 та ўйин, 76 та гол ва 77 та самарали узатма. 6 марта Англия чемпиони, 5 марта Лига Кубоги, 3 марта Англия Суперкубоги ва 2 марта Англия кубоги соҳиби. Шунингдек, Европа Чемпионлар Лигаси, УЕФА Суперкубоги ва клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати ғолиблиги.
Маълумот учун, унинг амалдаги шартномаси 2026 йилнинг 30 июнида ўз ниҳоясига етади.