Бернарду Силва «Манчестер Сити»дан кетишга яқин — португалиялик футболчи ёзда «Барселона»га ўтишни хоҳлаяпти
«Манчестер Сити» ва Португалия терма жамоаси яримҳимоячиси Бернарду Силва мавсум якунланиши билан инглиз клубини тарк этиш ниятида. Бу ҳақда Todofichajes портали хабар берди.
Манбага кўра, 30 ёшли футболчи «Барселона»га ўтиш имкониятини жиддий кўриб чиқмоқда ва каталонияликлар унинг учун асосий вариант ҳисобланади. Унга нисбатан трансфер тўлови 58–60 миллион евро атрофида баҳоланмоқда. Бундай шартномани амалга ошириш учун «Барса» ўз таркибидан кимнидир сотишига тўғри келиши мумкин.
Бернарду Силва 2017 йил ёзида «Манчестер Сити» сафига қўшилган. Унинг клуб билан амалдаги шартномаси 2026 йил июнигача мўлжалланган. Жорий мавсумда АПЛ доирасида 29 та ўйинда иштирок этиб, 3 та гол урди ва 4 та голли пас муаллифи бўлди.