Бернарду Силва фаолиятини «Ювентус»да давом эттириши мумкин
«Ювентус» клуби «Манчестер Сити» яримҳимоячиси Бернарду Силвага қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда журналист Маттео Моретто ўзининг X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди.
31 ёшли португалиялик футболчи аввалроқ инглиз клубини тарк этишини эълон қилган эди — у ёзда эркин агентга айланади.
Португалиялик футболчи 2017 йилдан буён «Манчестер Сити» сафида тўп суриб келмоқда. Силва «шаҳарликлар» таркибида барча турнирлар доирасида 453 та ўйин ўтказиб, 76 та гол урди ва 77 та голли узатмани амалга оширди.
Ушбу давр мобайнида у олти карра Англия чемпиони бўлди, беш марта Англия Лига Кубогини, уч марта мамлакат Суперкубогини ва икки марта Англия Кубогини қўлга киритди.
Ўйинчининг клуб билан амалдаги шартномаси 2026 йилнинг 30 июнига қадар мўлжалланган.
Transfermarkt портали футболчининг бозор қийматини 27 миллион евро деб баҳоламоқда.