Бернарду Силва фаолиятини «ПСЖ»да давом эттириши мумкин — манба
«Манчестер Сити» яримҳимоячиси Бернарду Силва жорий мавсум якунида клубни тарк этиши мумкин. Журналист Экрем Конурнинг хабар беришича, 31 ёшли португалиялик футболчи билан Европанинг бир қатор нуфузли клублари жиддий қизиқмоқда.
Силва ва «шахарликлар» ўртасидаги амалдаги шартнома ёзда ўз якунига етади. Ҳозирча томонлар ўртасида шартномани узайтириш бўйича музокаралар олиб борилмаётгани футболчининг клубдаги фаолияти ниҳоясига етаётганидан далолат беради.
Қайд этилишича, Бернарду Силвага асосий даъвогар сифатида Франциянинг «Пари Сен-Жермен» клуби кўрилмоқда. Парижликлар тажрибали яримҳимоячини ёзги трансфер ойнасида эркин агент мақомида бепул қўлга киритишни мақсад қилган. Шунингдек, футболчига Туркиянинг «Галатасарой» ва Испаниянинг «Барселона» клуби ҳам қизиқиш билдирмоқда.
Бернарду Силва 2017 йилдан буён «Манчестер Сити» шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Жорий мавсумда у барча мусобақаларда 38 та ўйинда майдонга тушиб, 2 та гол урган ва 5 та голли узатмани амалга оширган. Transfermarkt портали футболчининг бозор қийматини 27 миллион евро деб баҳоламоқда.