Бензема «Ал Иттиҳод» мухлислари билан хайрлашди
Яқиндагина «Ал Иттиҳод»дан «Ал Ҳилол» сафига кўчиб ўтган ҳужумчи Карим Бензема ўзининг собиқ клубидаги фаолияти якунлангани борасида баёнот берди.
«Ал Иттиҳод», ушбу саҳифа якунланмоқда, аммо ҳурмат ва миннатдорчилик абадий қолади. Клубга, ходимларга, жамоадошларимга ва айниқса мухлисларга ҳар куни менга кўрсатган самимий кутиб олишлари, меҳри ва куч-қуввати учун раҳмат айтаман.
Бу йўл менга ҳам шахсий, ҳам профессионал нуқтаи назардан жуда кўп нарса берди. Мен бу рангларни ҳимоя қилганимдан ва биргаликда эришган натижаларимиздан фахрланган ҳолда, бошимни баланд кўтариб кетмоқдаман. Сизга келажакда энг яхши тилакларни тилаб қоламан. Ҳурмат билан, KB», — деб ёзди Бензема ўзининг X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
Аввалроқ франциялик форвард «Ал Иттиҳод» таклиф қилган янги шартномани рад этгани маълум бўлган эди. Бензема 2023 йил ёзидан буён Саудия чемпионатида тўп суриб келмоқда.
Маълумот учун, жорий мавсумда Карим Бензема барча турнирлар доирасида 21 та ўйинда майдонга тушиб, 16 та гол уришга муваффақ бўлди.