Бензема «Лион»га футболчи сифатида қайтмайди — манба
38 ёшли футболчи ушбу клуб тарбияланувчиси ҳисобланади.
ФОТО: Getty Images
«Ал Ҳилол» ҳужумчиси Карим Бензема ижтимоий тармоқдаги жонли эфир вақтида «Лион» клубига футболчи сифатида қайтиш нияти йўқлигини маълум қилди.
38 ёшли француз ҳужумчисининг сўзларига кўра, у ўзи тарбияланган жамоада қайта тўп суришига шубҳа қилмоқда. Бироқ Бензема футболчилик фаолиятини якунлагандан сўнг клуб раҳбариятига қўшилиш эҳтимолини истисно қилмади.
Бензема 2005 йилдан 2009 йилгача «Лион»нинг асосий таркибида ҳаракат қилган ва шундан сўнг «Реал»га ўтган эди. У Франция клуби сафида барча турнирлар доирасида 148 та ўйинда майдонга тушиб, 66 та гол ва 25 та голли узатмани ўз ҳисобига ёздириб қўйган.
Эслатиб ўтамиз, Бензема шу йилнинг февраль ойида «Ал Иттиҳод»дан «Ал Ҳилол» жамоасига кўчиб ўтган эди.
Насрулло Каримов
Журналист