«Бенфика» Престианни Винисиусни ҳақорат қилганини тан олгани ҳақидаги миш-мишларни рад этди
«Бенфика» клуби ўз расмий сайти орқали яримҳимоячи Жанлука Престианнининг жамоадошларига Мадриднинг «Реал» вингери Винисиус Жуниорга нисбатан ирқчи характердаги ҳақоратлар ишлатганини тан олгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди.
Бразилиялик футболчига нисбатан юз берган ушбу тахминий ирқчилик ҳолати жамоалар ўртасидаги Чемпионлар Лигаси плей-офф босқичининг дастлабки учрашувида (0:1) содир бўлгани айтилмоқда.
«Бенфика» футбол клуби футболчи Престианни жамоага ёки клуб раҳбариятига Мадриднинг «Реал» клуби ўйинчиси Винисиус Жуниорга нисбатан ирқчи характердаги ҳақоратга йўл қўйгани ҳақида маълум қилгани тўғрисидаги хабарларни қатъиян рад этади.
Аввал хабар берилганидек, футболчи «Реал» билан ўйин пайтида содир бўлган ҳодиса учун жамоадошларидан узр сўради ҳамда ушбу ҳолатнинг кўлами ва оқибатларидан афсусда эканини билдирди. Шунингдек, ўйинчи энг бошидан таъкидлаб келаётганидек, ҳеч қачон ирқчи бўлмаганини барчага яна бир бор маълум қилди», — дейилади Лиссабон клуби баёнотида.