locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Бекзод Маматкулов: Тартиб-интизом йўқ жойда ривожланиш бўлмайди

Профессионал футзал клуби билан шартномаси бор футзалчининг бошқа жамоада ўйнашига ҳеч қандай оқлов йўқ.
Футбол
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
Бекзод Маматкулов: Тартиб-интизом йўқ жойда ривожланиш бўлмайди
photo: UFF

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон миллий чемпионатида тўп сураётган футзалчиларнинг турли тижорат мусобақаларида бошқа жамоалар номидан майдонга тушаётгани ҳақидаги хабарлар, видео лавҳалар тарқалмоқда. Бу яхши иш эмас. Профессионал футзал клуби билан шартномаси бор футзалчининг бошқа жамоада ўйнашига ҳеч қандай оқлов йўқ. Айниқса, терма жамоага номзод футзалчиларга ярашмайдиган ҳолат. Айрим ҳолатларни бу ерда очиқлашни хоҳламайман.

Ҳамма нарсанинг чегараси бор, албатта. Мен футзални кеча ёки бугун кўраётганим йўқ. Анча йиллардан буён шу оиланинг ичидаман. Тегишли чора кўрамиз. Тартиб, интизом йўқ жойда ривожланиш, натижа бўлмайди.

Мен аввалги ҳолатларни яхши биламан. Бу лавозимга келганимда айрим жамоаларда йиллаб ойлик маош олмаган ўйинчилар бор эди. Озми, кўпми ишларимизни битта тизимга қўйиб бормоқдамиз. Охирги пайтларда клубларда юзага келаётган вазиятлардан тўлиқ хабардормиз. Юқори тизимдаги ислоҳотлар сабаб маошлар ва мукофот пуллари кечиккан бўлса-да, охиригача тўлаб берилади.

Янги мавсумда янги тизимни жорий қилишга ҳаракат қиляпмиз. Жим ўтирганимиз йўқ!!

Ўзбекистон футзал федерациясининг ижтимоий тармоқларини кузатиб бораман. У ерда мухлислар томонидан билдирилаётган фикр-мулоҳазаларга бефарқ эмасман. Жўяли, амалиётга татбиқ этса бўладиган фикрлар, таклифларни албатта қабул қиламиз. Аммо, сўнгги пайтларда негатив постлар ҳам учраяпти. Исми яширилган, номаълум аккаунтлардан қўйилаётган постлар тўғриси кўпчиликнинг ғашини келтирмоқда. Футзални ривожлантириш йўлида ғайрат билан ишлаётган фидойиларнинг кайфиятига салбий таъсир кўрсатаётгани ҳам бор гап.

Биз юқори мақсадларни кўзлаб йўлга тушганмиз. Миллий терма жамоамизнинг Осиёда етакчи бўлишини хоҳлаймиз. Шоҳсупанинг юқори поғонасига кўтарилиб, футзалчиларимиз Осиё кубогини бошлари узра баланд кўтаришлари йўлида Федерация томонидан талаб этиладиган барча куч ва меҳнатимизни сафарбар этишга бел боғлаганмиз.

Ўзбекистоннинг наfaқат Осиёда, балки Жаҳон футзалида ҳам ўз ўрнига, нуфузига эга бўлиши йўлида тинимсиз ишлаш, изланишга тайёрмиз. Осиё футзалида етакчиликни қўлга олиш учун жаҳоннинг таниқли, кучли мутахассисларидан бири Хосе Мария Мендесни юртимизга олиб келдик ва икки йиллик шартнома имзоладик.

Албатта, бундай юксак мақсад ва вазифаларга эришиш осон эмас. Ва бу ишлар битта, иккита инсоннинг қўлидан келмайди. Барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, ҳамжиҳатликда, жипслашиб фаолият юритсак, ҳар қандай чўққига чиқишимиз, довонларни забт этишимиз осон кечади. Сиз азиз футзал мухлислари, фидойиларидан ҳам бу йўлда биз билан ҳамфикр, ҳамжиҳат бўлиб, қўллаб қувватлашларингизни сўраб қолардим. Фойдали таклиф ва мулоҳазалар учун биз доимо очиқмиз.

Шу ўринда, келаётган душанба куни Ўзбекистон футзал федерациясининг кенгайтирилган йиғилиши режалаштирилганини, унда футзалимиз олдида турган долзарб масалалар кўриб чиқилишини ҳам айтиб ўтмоқчиман.

Иброҳим Жалолов
Иброҳим Жалолов
Редактор
Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг