«Бавария» Жексонни тўлиқ сотиб олмаслигини тасдиқлади — манба
Сенегаллик футболчи ёзда «Челси» ихтиёрига қайтади.
ФОТО: Getty Images
Мюнхеннинг «Бавария» клуби Лондоннинг «Челси» жамоасидан ҳужумчи Николас Жексоннинг трансфер ҳуқуқини сотиб олмоқчи эмас. Бу маълумотни немис клуби менежери Макс Эберл ZDF телеканали эфирида тасдиқлади.
Шундай қилиб, мавсум якунлангач, сенегаллик футболчи Англия клуби ихтиёрига қайтади.
«Бавария» Жексонни 2025 йилнинг август ойида «Челси»дан ижарага олган эди. ОАВ хабарларига кўра, футболчини сотиб олиш варианти тахминан 64 миллион еврони ташкил қилади.
Жорий мавсумда 24 ёшли форвард мюнхенликлар сафида барча турнирлар доирасида 29 та ўйинда майдонга тушди. Унинг ҳисобига 10 та гол ва 4 та голли узатма мавжуд. Жексоннинг «Челси» билан амалдаги шартномаси 2033 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган.
Насрулло Каримов
Журналист