«Бавария» Упамекано билан принципиал келишувга эришди
Мюнхеннинг «Бавария» клуби жамоа ҳимоячиси Дайо Упамекано билан шартномани узайтириш бўйича принципиал келишувга эришди. Бу ҳақда Bild нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, клуб ва футболчи асосий маош, бонуслар ҳамда шартнома имзолаш учун гонорар борасида келишиб олган. Ҳозирча баҳсли масала — футболчини сотиб олиш банди бўлиб қолмоқда.
«Бавария»да Упамекано фақатгина шундай банд мавжуд бўлса, шартномани узайтиришга тайёр экани маълум. Клуб ушбу банд 2028 йилдан кучга киришини истамоқда, футболчи вакиллари эса унинг аввалроқ амал қилишини талаб қилмоқда.
Шунга қарамай, шартноманинг узайтирилиши энг эҳтимолий вариант бўлиб қолмоқда. Ҳозирги келишув 2026 йил июнида якунланади.
Упамекано «Бавария»га 2021 йил ёзида «RB Лейпциг»дан кўчиб ўтган. Жорий мавсумда у барча мусобақаларда 20 та учрашувда майдонга тушиб, битта гол муаллифи бўлди. Transfermarkt маълумотларига кўра, футболчининг бозор қиймати 60 млн еврони ташкил этади.