«Бавария» сўнгги 6 мавсум ичида иккинчи бор Чемпионлар Лигаси яримфиналига чиқди
«Бавария» ўз майдонида УЕФА Чемпионлар Лигасининг чорак финал жавоб учрашувида Мадриднинг «Реал» клубини 4:3 ҳисобига мағлуб этди. Шу тариқа, мюнхенликлар мусобақанинг яримфинал босқичига йўлланмани кафолатладилар. «Қироллик клуби»га қарши кечган икки ўйин натижасига кўра умумий ҳисоб 6:4 кўринишини олди.
Қайд этилишича, «Бавария» сўнгги олти мавсум ичида иккинчи бор нуфузли европа кубогининг яримфиналига қадар етиб келди. Бундан аввал Германия гранди 2023/2024 йилги мавсумда 1/2 финалда иштирок этган эди. Ўшанда «Бавария» икки ўйин натижасига кўра айнан Мадриднинг «Реал» жамоасига имкониятни бой берган (2:2, 1:2).
Таъкидлаш жоизки, 2019/2020 йилги мавсум мюнхенликлар Чемпионлар Лигаси финалига чиққан сўнгги йил бўлиб турибди. Ўшанда клуб ушбу турнирдаги ўзининг олтинчи титулини қўлга киритган эди.
Финал йўлланмаси учун мюнхенликлар энди «ПСЖ» клуби билан куч синашадилар.