“Бавария” Олиседан келажаги бўйича қарор қабул қилиш учун ёзгача вақт берди
Мюнхеннинг “Бавария” клуби Майкл Олиседан янги шартнома бўйича якуний қарор қабул қилиш учун келаси ёзгача вақт берди. Клуб раҳбарияти франциялик футболчи билан узоқ муддатли келишув тузмоқчи, бироқ музокаралардаги асосий масала янги шартномага товон пули бандини киритиш талаби бўлиб турибди. Бу ҳақда Bild нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, Олисе томони янги шартномага футболчини маълум сумма эвазига қўйиб юборишга имкон берувчи банд киритилишини истамоқда. “Бавария” эса одатда бундай шартларга эҳтиёткорлик билан ёндашади. Клуб Олисенинг амалдаги 2029 йилгача мўлжалланган шартномасини 2032 йилгача узайтиришни ва унинг маошини сезиларли даражада оширишни режалаштирмоқда.
Олисе билан боғлиқ вазият фонида унга Мадриднинг “Реал” клуби ҳам қизиқиш билдираётгани ҳақида хабарлар тарқалган. “Бавария” раҳбарияти эса ҳозирча футболчини сотишни режалаштирмаяпти. Шу сабаб томонлар келаси ёзгача музокараларни давом эттириб, келажак бўйича якуний қарорга келиши кутилмоқда.
Маълумот учун, 24 ёшли Майкл Олисе 2026/27 мавсумида Бундеслига доирасида 4 та учрашувда 303 дақиқа майдонда ҳаракат қилиб, 4 та гол ва 1 та голли узатма қайд этди. Чемпионлар лигасида эса 1 та учрашувда 2 та гол уриб, 1 та ассист амалга оширди. Олисенинг “Бавария” билан амалдаги шартномаси 2029 йилнинг 30 июнига қадар мўлжалланган.