«Бавария» Нойер билан шартномани 2027 йилгача узайтирмоқчи - манба
Томонлар ўртасидаги музокаралар декабр ойида бошланиши айтилмоқда.
ФОТО: Getty Images
Мюнхеннинг «Бавария» клуби дарвозабон Мануэл Нойер билан янги шартнома имзолашга қарор қилди. Бу ҳақда Bild нашри хабар бермоқда.
Янги келишувга кўра, 2014 йилги жаҳон чемпиони клуб сафида 2027 йил ёзигача ҳаракат қилади. Шу вақтга келиб Нойер 41 ёшга тўлади.
Манба маълумотига кўра, немис дарвозабони билан музокаралар декабр ойида бошланади. Клуб раҳбарияти Нойернинг сўнгги пайтлардаги ўйини ва жароҳатларнинг олдини олиш учун кундалик тартибига киритган ўзгаришларидан мамнун.
Маълум қилинишича, Нойер ҳар куни жамоа физиотерапевти билан маслаҳатлашиб, асосий машғулотлар олдидан ва кейин қўшимча машқлар бажаради.
Жорий мавсумда Нойер «Бавария» сафида барча мусобақаларда 13 та ўйин ўтказиб, уларнинг 6 тасида дарвозасини дахлсиз сақлаб қолган.
Насрулло Каримов
Журналист