«Бавария» Кейн билан шартномани узайтириш масаласини кўриб чиқмоқда
Мюнхеннинг «Бавария» клуби раҳбарияти жамоа ҳужумчиси Харри Кейн билан амалдаги шартнома шартларини яхшилаш ва муддатини узайтириш масаласини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Германиянинг Bild нашри хабар берди.
Манбага кўра, клуб бош директори Ян-Кристиан Дрезен англиялик форварднинг оиласи билан ҳамкорликни давом эттириш бўйича дастлабки музокараларни бошлаб юборган. Кейннинг мюнхенликлар билан ҳозирги келишуви 2027 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган.
«Бавария» мутасаддилари Кейннинг нафақат майдондаги сермаҳсуллигини, балки унинг профессионаллиги ҳамда шахсий фазилатларини ҳам юқори баҳоламоқда. Клуб раҳбарияти ҳужумчининг жамоа учун қанчалик муҳим эканини алоҳида эътироф этиш мақсадида унга янада манфаатлироқ молиявий шартларни таклиф қилишга тайёр.
Харри Кейн «Бавария» сафида келиб қўшилганидан буён барча мусобақаларда жами 133 та ўйинда майдонга тушди. Ўтган давр мобайнида у ўз ҳисобига 130 та гол ва 31 та голли узатмани ёздириб қўйишга муваффақ бўлди.