“Бавария” Каио Жоржени кузатиш учун Бразилияга скаутлар юборди
“Бавария” “Крузейро” ҳужумчиси Каио Жоржега жиддий қизиқиш билдирмоқда. Мюнхен клуби 24 ёшли бразилиялик футболчининг ўйинини бевосита кузатиш учун Бразилияга ўз скаутларини юборди. Бу ҳақда инсайдер Экрем Конур хабар берди.
Каио Жорже “Бавария” томонидан ҳужум чизиғини келажак учун кучайтириш вариантларидан бири сифатида кўрилмоқда. Хусусан, бразилиялик футболчи Харри Кейнга муқобил ҳужумчи бўлиши мумкин. Ҳозирча томонлар ўртасида расмий музокаралар бошланмаган ва “Бавария” футболчини кузатиш босқичида.
Жорже жорий Бразилия чемпионатида 19 та учрашувда майдонга тушиб, 7 та гол урган. “Крузейро” футболчининг эҳтимолий трансферидан 40–45 миллион евро олишни режалаштирмоқда. Унинг бозор қиймати эса тахминан 25 миллион еврога баҳоланмоқда.
Маълумот учун, Каио Жорженинг “Крузейро” билан шартномаси 2030 йил декабригача амал қилади. Ҳужумчи аввал Европада “Ювентус” ва “Фрозиноне” клублари сафида тўп сурган.