«Бавария» Фил Фоденга қизиқиш билдирмоқда
Мюнхеннинг «Бавария» клуби раҳбарияти «Манчестер Сити» ҳужумкор ярим ҳимоячиси Фил Фоденни сотиб олишни кўзламоқда. Мюнхенликлар аллақачон футболчининг вакиллари билан алоқага чиқишга улгуришган. Ўз навбатида, «Сити» Фоденни «Этихад»да олиб қолиш учун бор имкониятини ишга солмоқда. Бу ҳақда TEAMtalk нашри хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, Англия клуби раҳбарияти Фоден билан янги шартнома бўйича музокараларни фаоллаштирган. «Манчестер Сити» «Бавария» томонидан бўлаётган қизиқишдан хабардор ва футболчини янги келишувга кўндириш орқали юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олишга интилмоқда.
Фоденнинг ўзи Манчестерда қолишга қарши эмас, бироқ у амалдаги шартномасига нисбатан яхшироқ молиявий шароитлар талаб қилмоқда. Манбанинг таъкидлашича, «шаҳарликлар» раҳбарияти футболчини жамоада сақлаб қолиш учун катта эҳтимол билан унинг шартларини қабул қилади.
Фил Фоден — «Манчестер Сити» академияси тарбияланувчиси бўлиб, у 2017 йилда клубнинг ёшлар жамоасидан асосий таркибга ўтган эди. Жорий мавсумда у «шаҳарликлар» сафида 41 та ўйинда майдонга тушиб, 12 та гол урди ва 5 та голли узатмани амалга оширди. Унинг амалдаги шартномаси 2027 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган бўлиб, Transfermarkt портали футболчининг бозор қийматини 80 миллион евро деб баҳоламоқда.