«Бавария» Энтони Гордон трансферига дарвозабонини қўшиб бермоқчи
Мюнхеннинг «Бавария» клуби «Ньюкасл» қанот ҳужумчиси Энтони Гордонни сотиб олиш бўйича кутилмаган режа тузди. Bild нашрининг хабар беришича, немис гранди 29 ёшли дарвозабон Александр Нюбелни ушбу келишувга қўшиш орқали инглиз вингерининг трансфер нархини туширишни мақсад қилган. Айни пайтда «Қаққалар» ўз юлдузини камида 68 миллион фунт стерлингга (78,8 миллион евро) баҳоламоқда. Мюнхенликлар раҳбарияти бу маблағни сезиларли даражада камайтириш ниятида.
«Ньюкасл» айни дамда фаол тарзда янги посбон қидирмоқда, чунки жамоанинг асосий дарвозабони Ник Поуп ёзда клубни тарк этишга яқин турибди. Александр Нюбел эса «Штутгарт»даги ижара муддатини якунлаб, «Бавария»га қайтиши кутилмоқда, бироқ унинг мюнхенликлар сафида қолиш эҳтимоли жуда паст. Шу сабабли, немис дарвозабони Англия Премьер-лигасига кўчиб ўтишга қарши эмаслиги айтилмоқда.
Маълумот учун, Энтони Гордон якунланган мавсумда «Ньюкасл» сафида барча турнирларда 46 та ўйинда майдонга тушиб, 17 та гол ва 5 та голли узатбага муаллифлик қилди. 25 ёшли футболчининг клуб билан амалдаги шартномаси 2030 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган. Нуфузли Transfermarkt портали вингернинг айни пайтдаги бозор қийматини 60 миллион евро деб баҳолаган.