“Бавария” Дани Олмони ўз сафига қўшиб олмоқчи
Мюнхеннинг “Бавария” клуби “Барселона” ярим ҳимоячиси Дани Олмони ўз сафига қўшиб олишга жиддий қизиқиш билдирмоқда. Германия гранди 28 ёшли испаниялик футболчи бўйича трансфер имкониятларини ўрганмоқда. Бу ҳақда журналист Экрем Конур ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида маълум қилди.
Манбага кўра, “Барселона” Дани Олмони 80–90 миллион евро атрофида баҳоламоқда. “Бавария” футболчи учун асосий даъвогарлардан бири бўлса-да, унга Англиянинг “Манчестер Юнайтед”, “Манчестер Сити”, “Арсенал”, “Челси” ва “Тоттенҳем” клублари, шунингдек Саудия Арабистонининг “Ал-Ҳилол” жамоаси ҳам қизиқиш билдирмоқда.
Олмо “Барселона”нинг муҳим футболчиларидан бири бўлиб қолмоқда, шу сабабли каталонияликлар уни арзон нархда қўйиб юборишни режалаштирмаяпти. Футболчига бўлган катта қизиқиш сабаб унинг келажаги навбатдаги трансфер ойнаси олдидан асосий муҳокама мавзуларидан бирига айланиши мумкин.
Маълумот учун, Дани Олмонинг “Барселона” билан амалдаги шартномаси 2030 йилнинг 30 июнига қадар мўлжалланган. Transfermarkt 28 ёшли Испания терма жамоаси ярим ҳимоячисининг бозор қийматини 60 миллион еврога баҳоламоқда.