«Бавария» Бундеслигадаги 35-чемпионлигини қўлга киритди
Мюнхенликлар турнир якунланишига 4 тур қолганида чемпионлик масаласини ҳал қилди.
ФОТО: Getty Images
«Бавария» Бундеслиганинг 30-тури доирасидаги ўйинда «Штутгарт»ни 4:2 ҳисобига мағлуб этди ва ўз тарихида 35-марта Германия чемпионлигини қўлга киритиб, миллий рекордни янгилади.
Ушбу ғалабадан сўнг «Бавария» 79 очко билан Бундеслига турнир жадвалида пешқадамлик қилмоқда. Мюнхенликлар Германия чемпионатининг жорий мавсуми қолган қисмда «Майнц» (25 апрель), «Хайденхайм» (2 май), «Вольфсбург» (9 май) ва «Кёльн» (16 май) жамоаларига қарши майдонга тушадилар. Айни дамда баварияликлар ҳисобида 25 та ғалаба, 4 та дуранг ва 1 та мағлубият мавжуд.
Бундеслига турнир жадвалида 64 очко билан Дортмунднинг «Боруссия» жамоаси иккинчи ўринни эгаллаб турган бўлса, кучли учликни 59 очко билан «RB Лейпциг» якунлаб турибди.
Насрулло Каримов
Журналист