«Бавария» 2012 йилдан бери илк бор «Реал»ни мағлуб этди
Мюнхеннинг «Бавария» клуби УЕФА Чемпионлар Лигаси чорак финалининг дастлабки баҳсида Мадриднинг «Реал» жамоаси устидан ғалаба қозониб (2:1), ўзига хос нохуш анъанага чек қўйди.
Немис клуби нуфузли мусобақа доирасида 2012 йилнинг апрел ойидан буён илк бор «қаймоқранглилар»ни мағлуб этишга муваффақ бўлди.
Бундан 14 йил аввал, аниқроғи 2012 йилда «Бавария» яримфиналнинг биринчи учрашувида айнан 2:1 ҳисобида зафар қучган эди. Жавоб ўйинида худди шундай ҳисобда имконият бой берилган бўлса-да, мюнхенликлар пенальтилар сериясида аниқроқ ҳаракат қилиб, финал йўлланмасини қўлга киритишган.
2012 йилдан кейин жамоалар Чемпионлар Лигаси доирасида 2014, 2017, 2018 ва 2024 йилларда тўқнаш келишган. Ушбу давр мобайнида ўтказилган расмий ўйинларнинг 6 тасида «Реал» ғалаба қозонган, яна 2 та баҳсда эса дуранг қайд этилган эди.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ушбу вақт оралиғида жамоалар ўртоқлик учрашувларида ҳам майдонга тушишган. Назорат баҳсларининг иккитасида (2015 ва 2019 йилларда) «Бавария» ғолиб чиққан бўлса, 2016 йилги ўртоқлик ўйини «Реал»нинг ғалабаси билан якунланган эди. Расмий мусобақалардаги танаффусдан сўнг қўзонилган ушбу ғалаба Мюнхен клуби учун тарихий аҳамият касб этди.