«Бавария» 17 ёшли Ленарт Карл билан шартномани узайтирмоқчи
Мюнхеннинг «Бавария» клуби яримҳимоячи Ленарт Карл билан шартномани 2031 йил ёзигача узайтиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Bild нашри хабар берди.
Манбага кўра, футболчининг «Бавария» билан амалдаги келишуви автоматик тарзда профессионал шартнома мақомига ўтади. Клуб Карлнинг маошини сезиларли даражада оширишни кўзламоқда. Ҳозирда у йилига тахминан 1–2 миллион евро маош олмоқда, шартнома узайтирилгач эса бу кўрсаткич 5–7 миллион евродан ошиши мумкин.
Аввалроқ 17 ёшли яримҳимоячи Ленарт Карл Мадриднинг «Реал» клуби унинг орзудаги жамоаси эканини айтганди.
Жорий мавсумда Ленарт Карл «Бавария»нинг асосий жамоасида дебют қилди. У барча мусобақаларда 21 ўйинда майдонга тушиб, 6 та гол урди ва 2 та голли узатма амалга оширди. Transfermarkt портали маълумотига кўра, футболчининг трансфер қиймати 60 миллион еврони ташкил этади. Унинг амалдаги шартномаси 2026 йил ёзигача мўлжалланган.