“Барселона” Жюль Кундега нарх белгилади
“Барселона” ҳимоячиси Жюль Кундега “Челси” қизиқиш билдирмоқда. El Nacional маълумотига кўра, Каталония клуби 27 ёшли француз футболчисини 80 миллион евродан камга сотмоқчи эмас.
“Челси” Мало Гюсто “Манчестер Сити”га ўтадиган бўлса, Кунде трансферига жиддий эътибор қаратишга тайёр. “Барселона” эса шу ёзда футболчини фақат белгиланган суммага яқин таклиф тушган тақдирдагина қўйиб юбориши мумкин.
Жюль Кунде 2022 йилдан буён “Барселона” шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. У Каталония клубига “Севилья”дан кўчиб ўтган. Ўтган мавсумда ҳимоячи Ла Лигада 30 та учрашув ўтказиб, 1 та гол ва 3 та голли узатма қайд этган.
Маълумот учун, Кунденинг “Барселона” билан амалдаги шартномаси 2030 йил ёзигача мўлжалланган. Transfermarkt унинг бозор қийматини 60 миллион еврога баҳоламоқда.