“Барселона” Жерар Мартин билан янги шартнома имзоламоқчи
“Барселона” ҳимоячи Жерар Мартин билан шартномани узайтириш устида ишламоқда. Mundo Deportivo маълумотига кўра, клуб 24 ёшли футболчининг вакиллари билан дастлабки алоқаларни бошлаган ва томонларда ҳамкорликни давом эттириш истаги мавжуд.
Мартин амалдаги шартномасини 2025 йил январь ойида узайтирган ва у 2028 йил 30 июнгача мўлжалланган. “Барселона” эса ҳимоячини яна узоқ муддатга сақлаб қолмоқчи. Хабарларга кўра, янги битим 2030 ёки 2031 йилгача давом этиши, футболчининг маоши ва шартномадаги товон пули ҳам оширилиши мумкин.
Жерар Мартин “Барселона”га 2023 йилда “Корнелья”дан келиб қўшилган. Дастлаб чап қанот ҳимоячиси сифатида ўйнаган футболчи Ханс-Дитер Флик қўл остида марказий ҳимояга мослаштирилди ва асосий жамоада муҳим роль ўйнай бошлади. Жорий мавсумда у Ла Лигадаги дастлабки олти учрашувнинг барчасида майдонга тушиб, бештасини асосий таркибда бошлаган.
Маълумот учун, Мартиннинг амалдаги шартномасида 100 млн евро миқдоридаги товон пули мавжуд. “Барселона” янги келишув орқали футболчининг жамоадаги ўрни ва ошиб бораётган аҳамиятини шартнома шартларида ҳам акс эттирмоқчи.