«Барселона» «янги Неймар»га харидор бўлмоқда
«Барселона» клуби «Атлетико Минейро» жамоасининг 16 ёшли қанот ҳужумчиси Габриэл Вененога жиддий қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда нуфузли AS нашри хабар тарқатди. Манбага кўра, испан матбуоти ёш вингернинг ўйин услубини машҳур юлдуз — «янги Неймар»га қиёсламоқда. Бразилия клуби эса ўз иқтидори учун камида 20 миллион евро товон пули талаб қилиши кутилмоқда.
Амалдаги трансфер қоидаларига кўра, агар Каталония клуби Вененони сотиб оладиган бўлса ҳам, футболчи 18 ёшга тўлгунига қадар «кўк-анорранглилар» сафида майдонга туша олмайди. Бразилиялик ҳужумчи вояга етганидан кейингина «блауграна»нинг ёшлар жамоасида расман рўйхатдан ўтказилиши мумкин бўлади.
Ҳозирги вақтда 16 ёшли иқтидорли форвард «Атлетико Минейро»нинг 17 ёшгача бўлган (U17) ёшлар жамоаси шарафини ҳимоя қилмоқда. Габриэл Венено жорий мавсумда ўз жамоаси сафида ҳозирча тўртта учрашувда майдонга тушишга улгурди.