‘‘Барселона’’ яна Ла Лига бошқарувига қайтди
Испаниянинг ‘‘Барселона’’ клуби бир неча йиллик танаффусдан сўнг Ла Лиганинг энг муҳим бошқарув органларидан бири — Вакиллар комиссияси таркибига қайтди. Ушбу тузилма чемпионатнинг стратегик ривожланиши, молиявий масалалар ва муҳим қарорларни муҳокама қилишда катта ваколатларга эга. Ла Лига 16 октябрь куни комиссиянинг янгиланган таркибини расман эълон қилди. Бу ҳақда Ла Лиганинг расмий сайти хабар бермоқда.
Манбага кўра, янги таркибдан ‘‘Барселона’’, ‘‘Реал Мадрид’’, ‘‘Севилья’’, ‘‘Бетис’’, ‘‘Алавес’’ ва ‘‘Вильярреал’’ клублари жой олган. Мазкур олти жамоа биринчи дивизион вакиллари сифатида комиссияда фаолият юритади. Номзодлар сони ажратилган ўринларга тенг бўлгани сабабли қўшимча овоз бериш ўтказилмаган. ‘‘Реал Мадрид’’ комиссиядаги ўрнини сақлаб қолган бўлса, ‘‘Барселона’’ қарийб икки йиллик танаффусдан кейин ушбу тузилмага қайтган.
‘‘Барселона’’ аввалроқ Ла Лига раҳбарияти билан юзага келган келишмовчиликлар сабаб комиссияни тарк этган эди. Энди каталонияликлар чемпионатнинг муҳим қарорларини муҳокама қилишда яна бевосита иштирок этади. Комиссия таркибида ‘‘Реал Мадрид’’ ва ‘‘Атлетико Мадрид’’ вакилларининг ҳам бўлиши келгуси йиғилишларда кескин баҳсларга сабаб бўлиши мумкин. Айниқса, Ла Лига президенти Хавьер Тебас ва ‘‘Реал Мадрид’’ ўртасидаги зиддиятлар сўнгги кунларда янада кучайган.
Маълумот учун, Ла Лига Вакиллар комиссияси чемпионатнинг бошқарув ва маъмурий фаолиятида муҳим ўрин тутади. Унда айрим стратегик масалалар умумий йиғилишсиз ҳам ҳал қилиниши мумкин. Янги таркибда ‘‘Атлетико Мадрид’’ бош директори Мигел Анхел Хил Марин Ла Лиганинг биринчи вице-президенти лавозимини сақлаб қолган. ‘‘Эйбар’’ вакили Ион Андер Уласия эса иккинчи вице-президент этиб тайинланган. Иккинчи дивизион клубларининг комиссиядаги вакиллари эса ҳозирча аниқланмаган.