«Барселона» Влахович ва Асланига эътибор қаратган – манба
«Барселона» жорий ёзги трансферлар ойнасида икки нафар марказий ҳужумчини ўз сафига қўшиб олиши мумкин. Бу ҳақда Diario Sport хабар берди.
Манбага кўра, Ферран Торреснинг жамоани тарк этиши эҳтимоли юқори бўлгани сабабли, каталонияликлар яна бир марказий ҳужумчи трансферини амалга оширишни режалаштирмоқда.
«Кўк-анорранглилар»нинг асосий мақсади ҳамон «Атлетико» ҳужумчиси Хулиан Альварес бўлиб қолмоқда. Бироқ клуб раҳбарияти бошқа вариантларни ҳам кўриб чиқишни бошлаган.
Номзодлардан бири — «Ювентус»нинг собиқ ҳужумчиси Душан Влахович. 26 ёшли сербияликнинг туринликлар билан шартномаси якунланган ва ҳозирда у эркин агент ҳисобланади. Қолаверса, Влахович «Барселона»га ўтиш учун маош бўйича талабларини камайтиришга тайёр.
Шунингдек, каталонияликлар «Хоффенхайм»нинг 23 ёшли ҳужумчиси Фисник Асланига ҳам қизиқиш билдирмоқда. Манбага кўра, футболчига Дортмунднинг «Боруссия»си ҳам даъвогар. Бироқ Аслани «Барселона»дан таклиф тушиши эҳтимолини кутаётгани учун музокараларни шошилмаяпти.
Аввалроқ Ферран Торрес 2026 йилги жаҳон чемпионатидан кейин «ПСЖ»га ўтиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди.